ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираси етарли. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари валюта бозорини барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чораларни қайд этди.
Жумладан, валюта бозори ва айирбошлаш курси барқарорлашди, биржада рубль ва юань бўйича савдолар бошланди.
“Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли”, - деди президент.
Марказий банкка пухта ўйланган, оғир ва вазмин валюта ва монетар сиёсатни олиб боришни давом эттириш топширилди.
Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари тадбиркорлар билан ҳар куни учрашиб, уларга валюта бозоридаги вазиятни, экспорт-импорт ҳисоб-китобларини амалга ошириш ва янги кредит механизмларини тушунтириб боради.
Халқаро экспертлар жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги мураккаб вазият узоқ давом этишини прогноз қилишмоқда.
Масалан, сўнгги бир ойда жаҳон бозорларида буғдой нархи 36 фоизга, шакар хом ашёси 10 фоизга, ўсимлик ёғи нархи 2 баробарга ошган.
“Ҳозир дунёда жуда мураккаб давр давом этаяпти. Ҳар куни янги синовлар билан тўқнаш келаяпмиз. Лекин, бу – эртага нима бўлади деб, кутиб ўтириш керак, дегани эмас. Муаммоларни тезкор аниқлаб, ҳал қилиш ва янги имкониятларни излаб топишимиз зарур”, - деди Мирзиёев.
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 март ҳолатида 35,36 млрд долларни ташкил этади. Бу 1 февраль ҳолатига нисбатан 935,6 млн долларга кўп.