Когонда метеорологик радиолокатор ўрнатилди

Метеорологик локатор 200 км радиусдаги об-ҳавони аниқлайди ва маълумотларни ҳар 10 дақиқада янгиланайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 март — Sputnik. Бухоро вилояти Когон туманида метеорологик радиолокатор (МРЛ) ускунаси ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилди. Бу ҳақида Ўзгидромед маълум қилди.
Метеорологик локатор 200 км радиусда мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ходисалари тўғрисида хабардор қилади. У булутлар оқими ва тури, шамол тезлиги ва йўналиши, ёғинлар миқдори ва тури (ёмғир, дўл, қор) ҳамда унинг давомийлиги, момақалдироқ содир бўлган ҳудудларни визуализация қилиш орқали метеорологик карталарга туширади ва олдиндан хабар беради.
“Маълумотлар ҳар 10 дақиқада янгиланади ва мунтазам равишда Ўзгидрометнинг метеорологик локаторлар географик ахборот-таҳлилий геопорталига узатиб борилади”, дейилади хабарда.
Айтилишича, Президентнинг 4896-сон қарори билан тасдиқланган дастурларга мувофиқ, метеорологик радиолокатор ускунасини етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш Финландиянинг “VAISALA OyJ” компанияси билан амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Шавкат Мирзиёев метеорология хизматининг моддий-техник таъминотидаги камчиликлар ҳақида гапириб, Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида локаторлар ўрнатиш, барча станцияларни автоматлаштириш, янги станция ва постлар қуриш бўйича топшириқлар берган эди.