ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Наманганда футбол бўйича Navruz Cup-2022 мусобақасининг финал баҳси Ўзбекистон ва Уганда терма жамоалари ўртасида кечди.
35-дақиқада Жалолиддин Машарипов рақиб дарвозабонининг хатосидан фойдаланиб ҳисобни очди. 39-дақиқага келиб Элдор Шомуродов ҳисобни яна биттага оширди.
Иккинчи бўлим бошида рақиб жамоа футболчиси Фаруку Мия гол уриб, ҳисобни қисқартиришга эришди. Бироқ кўп ўтмай Шомуродов яна битта гол муаллифига айланди ва Ўзбекистонни олдинга олиб чиқди. 74-дақиқада Шомуродов хет-трикни расмийлаштирди. 78-дақиқада “оқ бўрилар” гол ўтказиб юборишди ва ҳисоб 4: 2 кўринишига келди.
Ўйин шу ҳисобда якунланди ва Ўзбекистон биринчи марта ўтказилаётган Navruz Cup-2022 га эга чиқди.
3-ўрин учун кечган баҳсда Тожикистон терма жамоаси Қирғизистондан устун келди.
Мусобақада Қирғизистон, Ўзбекистон, Уганда ва Тожикистон терма жамоалари ўзаро куч синашишган эди.