ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Қорақалпоғистонда тўхтаб турган ЙПХ машинаси устига чиққан вояга етмаган боланинг отаси жаримага тортилди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) маълум қилди.
Авалроқ ижтимоий тармоқларда бир фуқаро тўхтаб турган ЙПХ автомобили устидан юриб ўтгани тасвирланган видео тарқалган эди.
ЙҲХББ хабарига кўра, воқеа 25 январь куни соат 15:00 ларда Қўнғирот тумани Ипак йўли кўчасида рўй берган. 2005 йилда туғилган Б.Т. ЙҲХБга тегишли тўхтаб турган “Lacetti” махсус хизмат автомобилининг устига чиққан.
Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилиб, тўпланган ҳужжатларни вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси ўрганган.
Бу вояга етмаган боланинг отаси Ж.Т.га нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан БҲМнинг бир баравари миқдорида (270 минг сўм) жарима жазоси белгиланган.