ТОШКЕНТ, 18мар — Sputnik. 1 апрелдан бошлаб Нукус – Бейнеу – Нукус йўналишидаги поезд қатнови йўлга қўйилади. Бу хақида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар бермоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва “Қазақстан темiр жолы” MK” АЖ билан келишилган ҳолда шу йили Қозоғистон Республикасига биринчи йўловчи поезд ҳаракати ташкил этади.
Нукус — Бейнеу — Нукус йўналишидаги 647/648-сонли поезд қатнови кунлари:
“Нукус” вокзалидан - ҳафтанинг ҳар сешанба, жума ва якшанба кунлари.
“Бейнеу” станциясидан -ҳар душанба, чоршанба ва шанба кунлари.
Айтилишича, бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма босқич очилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “2020 йилнинг март ойида коронавирус пандемияси туфайли халқаро йўналишдаги йўловчи поезд қатновлари тўхтатилган эди. Икки йиллик чекловлардан сўнг, халқаро йўналишларда йўловчи поездлар қатнови босқичма-босқич тикланмоқда.
Мискин - Нукус - Бейнеу йўналишида йўловчи поезди қатнови 2019 йилда йўлга қўйилган. Поезд Назархон, Кайбакли, Қораўзак, Бадай, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл станцияларида тўхтаб ўтган.