ТОШКЕНТ, 17 мар - Sputnik. Солиқчи - жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев16 март куни бўлиб ўтган солиқ соҳасини такомиллаштириш бўйича бўлиб ўтган мажлисда.
Йиғилишда, президент дунёдаги мураккаб вазиятда солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорларга кўмак бериш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
- Бизга ҳозир тушум ошиши асосийси эмас. Биринчи навбатда, тизимни тўғри қилиб, билмаганларга ўргатиб, солиқ юкини камайтириб, тадбиркорларнинг эмин-эркин, ҳалол ишлашини йўлга қўйишимиз керак. Солиқчилар жазоловчи эмас, кўмакчи бўлиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев босқичма-босқич солиқ юкини камайтириш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хусусан, тараққиёт стратегиясида белгиланганидек, 2026 йил бориб иқтисодиётга солиқ юкини 25 %гача камайтириш мақсад қилинган. Шунингдек, 2023 йилдан қўшилган қиймат солиғини 12 %гача тушириш, кейинчалик ер ва мулк солиқларини бирлаштириш мўлжалланган.
Ундан ташқари президент солиқ идоралари фаолиятида ахборот технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг натижасида жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилади, "яширин иқтисодиёт" ҳажмини камайтириш учун солиқ тўсиқлари бартараф этилади, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланади, деди давлат раҳбари.
Солиқ тизими давлат корхоналарини трансформация қилишда фаол иштирок этиши, уларга таннархни пасайтириш ва молиявий барқарорлик бўйича йўл-йўриқ кўрсатиши кераклиги айтилди.
Шавкат Мирзиёев провел совещание с налоговиками
© Пресс-служба президента Узбекистана
Маълумот учун, сўнгги йилларда Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. 2019 йил декабрда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, тўғридан-тўғри қўлланувчи нормалар жорий этилди. Солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди.
Буларнинг натижасида тадбиркорларнинг ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари 4 баравар кўпайди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 6 мингдан 152 мингтага етди.