ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
“Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди”, - дейилган хабарда.
Етакчилар икки томонлама савдо ҳажмининг ўсиш суръатини таъминлаш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик тармоқлари, транспорт ва логистика соҳаларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш учун қулай шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлашди.
Шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастури доирасидаги қўшма тадбирларни фаол ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ҳукуматга Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган айрим мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш учун аниқ чора-тадбирларнинг батафсил режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эди.