ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Украинадан қайтган ўзбекистонлик талабалар ўқишини 15 мартдан соддалашган тартибда кўчириш бошланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, президент раислигида 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа биноан Украинадан қайтиб ўқишини Ўзбекистонда давом эттириш истаги бўлган талабаларнинг ҳужжатлари ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан қабул қилинмоқда.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар рўйхати
© Фото: Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги
“Бу жараёнда талабалар яшаш ҳудудларида ташкил этилган ишчи гуруҳларга мурожаат қилишлари ва батафсил маълумот олишлари сўралади”, - дейилган хабарда.
Шу кунга қадар Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ташқи ишлар вазирликларига ушбу масалада мурожаат қилган фуқароларнинг, хусусан талабаларнинг хорижий таълим муассасалари ва яшаш ҳудудлари кесимида рўйхати шакллантирилиб, ҳудудлардаги ишчи гуруҳларга юборилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Украина ҳудудидан 5 884 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилган. Улар орасида талабалар ҳам.