ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Ўзбекистонда маст ҳолда машина бошқарганлар 5 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ бошлиғи Олимжон Саидов маълум қилди.
Саидовнинг сўзларига кўра, айни пайтда 8 та норматив ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, иккита қонун, битта президент қарори ҳамда тўртта ҳукумат қарори лойиҳалари тайёрланмоқда.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маст ҳолда машина ҳайдаганлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 5 йил муддатга маҳрум қилишни кўзда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган”, - деди у.
Амалдаги қонунчиликка кўра маст ҳайдовчилар 1,5 йилдан 3 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Таъкидланишича, мазкур қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (13,5 миллион сўм) миқдорида жарима солиниши қатъий белгиланмоқда (амалда 40 баравари).
Бундан ташқари, маст бўла туриб тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати қатъий 3 йил этиб белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёв февраль бошида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказиб, соҳадаги камчиликларни қаттиқ танқид қилган эди. Мутасаддилар олдига йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилган эди.