ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. 14-18 март кунлари бутун республика бўйича ёмғирли об-ҳаво сақланиб туради. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.
14-17 март кунлари бир қатор вилоятларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 14-16 март кунлари эса баъзи жойларда кучли момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Шу кунлари Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятининг баъзи жойларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади.
Ҳафтанинг биринчи ярмида кундуз кунги ҳаво ҳарорати +14...+17 даражадан, +8...+11 даражагача ўзгариб туради. Чоршанба куни эса +16...+21 илиқгача кўтарилади.
18 март жума куни Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмидан совуқ ҳаво массаси кириб келади. Натижада айрим жойларда ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши эҳтимоли бор. Кундуз куни ҳаво ҳарорати +7...+10 даража илиқгача пасаяди.
Ҳафта давомида республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучаяди. Бу кўрсатгич момақалдироқ пайтида 25-28 м/с гача етиши мумкин.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ҳам ёғингарчилик кузатилиб, 14-16 мартда баъзи жойларда кучли ёмғир ва қор ёғади.
Ўзгидромет тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши, тоғларда қор кўчиш хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда.