ТОШКЕНТ, 13 мар — Sputnik. Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг айрим ҳудудларида кучли дўл ёғди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида 13 март куни соат 9—10 лар атрофида қуюқ булут тушиб, атроф қоронғулашган.
Ижтимоий тармоқларда бу табиат ҳодисаси акс этган сурат ва видеолар тарқалди.
"Ўзгидромет" етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, бу ўта нам ҳаво оқимлари сабабли юз берган. Атмосферада булутлар қатламида ўта тўйинган сув буғлари ва муз заррачалари қуёш нурлари ва ёруғлигини бир муддат чеклаб қўйган.
Самарқанднинг айрим ҳудудларига сел келиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет 10-16 март кунлари баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиши ва бунинг оқибатида тоғолди ҳудудларда сел келиши хавфи борлигидан огоҳлантирган эди.