ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Саудия Арабистони подшоҳлиги Авиация бошқармаси "GACA" мамлакатга келувчи йўловчилар учун COVID-19 билан боғлиқ баъзи чекловларга ўзгартириш киритди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар қилди.
Унга кўра, энди коронавирус мавжуд эмаслиги тўғрисидаги манфий натижага эга бўлган QR-кодли ПЗР-тест маълумотини Саудия Арабистонига киришда тақдим этиш тартиби бекор қилинади.
Умра-2022 мавсумида мамлакатга сафар қилаётган зиёратчилар учун сафардан олдин олинадиган ПЗР-тест маълумотини тақдим этиш талаб этилмайди.
Умра дастурида сафар қилувчи зиёратчилар коронавирусга қарши қуйидаги вакциналардан бири билан эмланган бўлиши талаб этилади: Pfizer/BioNTech; Oxford-AstraZeneca; Moderna; Johnson & Johnson.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик зиёратчилар икки йиллик танаффусдан сўнг 22 январдан Умрага яна сафар қилишни бошлашган эди. 10 февралдан Умра сафари учун рейслар ҳар куни 2 мартадан амалга оширилмоқда.