Мирзиёев Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котибини қабул қилди

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний
Учрашувда Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада кенгайтириш масалалари ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.
Мирзиёев олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, икки мамлакат етакчи корхоналари ва компанияларининг саноат кооперацияси кенгаймоқда.
Бугун Тошкент шаҳрида ўтган Хавфсизлик бўйича қўшма комиссия биринчи йиғилишининг амалий натижалари ижобий баҳоланди.
Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорликни қандай ривожлантиради
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида шериклик лойиҳалари ва дастурларини илгари суриш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан хавфи ортиб бораётган терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотикларнинг ноқонуний айланмаси таҳдидларига қарши курашиш масалаларида самарали ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистонда юзага келаётган вазият ҳамда ушбу мамлакатдаги гуманитар инқирозни енгиб ўтишга зарур кўмак кўрсатиш чоралари юзасидан фикр алмашилди.