ТОШКЕНТ, 8 мар — Sputnik. Давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган айрим мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича республиканинг ҳар бир тармоғи ва ҳудуди кесимида аниқ чора-тадбирларнинг батафсил Режасини ишлаб чиқишга топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Молия тизимининг барқарорлиги, корхоналарнинг узлуксиз ишлаши ва режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари олдига транспорт-логистика тармоғининг ишончли фаолиятини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, бунда экспорт географияси янада диверсификация қилинишини ҳам ҳисобга олиш вазифаси қўйилди.
Вилоятлар ҳокимларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашни жадаллаштириш, шунингдек, инфляция даражасини доимий мониторинг қилиш ва истеъмол бозорида нархларнинг кескин тебранишларига йўл қўймаслик бўйича аввалдан чора кўриш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.