ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” террористик ташкилоти тарафдорлари қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
ДХХ ўтказган тезкор тадбирда Пастдарғомда яшовчи А.О. бошчилигидаги саккиз киши ижтимоий тармоқларда виртуал ҳалқа тузиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” ғоялари билан йўғрилган материалларни мунтазам тарқатиб, муҳокама қилиб келганликлари аниқланган.
Гуруҳ етакчиси А.О. интернет орқали ташкилотнинг ғоявий раҳнамоларидан бири Қирғизистон фуқароси Маҳмуджон Холдаров (лақаби Маҳмуд Абдулмўмин) билан боғланиб, унинг кўрсатмалари билан иш олиб борган.
Ҳозир улар қўлга олинган. Гуруҳ аъзоларига нисбатан ЖКнинг 159-моддаси 1-қисми (Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244.1-моддаси 3-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.