ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларга мурожаат билан чиқди.
“Дунё” АА хабарига кўра, элчихона Украина ҳудудидаги фуқаролардан дипломатик миссия билан алоқада бўлиб туриш, тасдиқланмаган, ёлғон маълумотларни тарқатмаслик ва ваҳимага берилмасликни сўраган.
“Элчихона Украина давлат органлари, дипломатик корпус ва юртдошларимиз билан доимий алоқада”, - дейилади мурожаатда.
Хабарда “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Киев-Тошкент-Киев йўналиши бўйича мунтазам рейслар амалга ошираётгани эслатилган. Фуқаролар хоҳлаган пайтда ватанга қайтишлари мумкин.
Таъкидланишича, 13 февраль куни “UzАirways" Тошкент-Киев-Тошкент йўналишида мунтазам авиапарвозни амалга оширган. Авиакомпания сайтида берилган маълумотларга кўра, икки йўналишда кейинги рейслар чоршанба (16 февраль) ва якшанба (20 февраль) кунига режалаштирилган.
Фуқароларда саволлар пайдо бўладиган тақдирда, улар элчихонага электрон почтаси (embassy@uzbekistan.org.ua), телефон рақамлари (+38 044 5015000, +38 044 5014182) ёки дипломатларнинг Telegram манзиллари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Аввалроқ қатор мамлакатлар хавфсизлик нуқтаи назаридан фуқароларини Украина ҳудудини тарк этишга чақирган эди. Қолаверса, Киевдан айрим Ғарб мамлакатлари элчихоналари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари эвакуация қилинаётгани хабар қилинмоқда.
Сўнгги кунларда Киев ва Ғарб давлатлари Украина чегарасида Россия томонидан гўёки тажовузкор хатти-ҳаракатлар кучайганидан хавотир билдиришмоқда. Москва шунга ўхшаш айбловларни рад этиб келмоқда ва ҳеч кимга таҳдид туғдирмаслиги ва ҳужум қилиш нияти йўқлигини такрорлаб келади. “Россия тажовузи” ҳақидаги хабарлардан эса Россия чегаралари яқинида НАТОнинг кўпроқ ҳарбий техникаларни жойлаштириш учун баҳона сифатида фойдаланилмоқда.
Аввалроқ Россия ТИВ Ғарбнинг “Россия тажовузи” ва Киевни ундан ҳимоя қилиш хусусидаги баёнотлари ҳам кулгили, ҳам хавфли эканини таъкидлаганди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия қўшинларининг мамлакат ҳудудида бир жойдан бошқа кўчирилиши ҳеч кимни хавотирга солмаслиги кераклигини қайд этганди.