ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Жорий йилда электромобилларни қувватлантириш станциялари тармоғини яратиш ва ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади, деб хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси доирасида олиб борилмоқда. Дастурни 2022 йилнинг 4-чорагига қадар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бунда республикада фаолият юритаётган АГТКШ, АЁҚШларда, аҳоли кўп йиғиладиган объектлар ҳудудларида электр қувватлантириш, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари ёрдамида қувватлантириш станцияларини ўрнатилиши назарда тутилади.
Бу жараёнда керакли ускуналарни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинишига алоҳида эътибор берилади.
2021 йилда ўзбекистонликлар 809 та электромобиль харид қилишган. Электромобиль импорти 2020 йилга нисбатан 6,2 бараварга ошган. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда электромобиллар олиб киришда акциз солиғи ва божхона тўловлари олинмайди. Ўтган йил ноябридан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси электромобилларга алоҳида давлат белгили рақамларни беришни бошлади.