ТОШКЕНТ, 8 фев – Sputnik. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев энергетикадаги доимий муаммоларни ҳал қилиш учун атом электростанцияси (АЭС) қуриш зарур эканлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари сешанба куни мамлакат ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида энергетика масалаларига тўхталиб ўтди, дея хабар беради Sputnik Қозоғистон.
“Биз энергия таъминоти тизими фаолиятида мунтазам узилишларга дуч келяпмиз. Яқинда мамлакат жанубида электр таъминотидаги узилишлар бунга яхши мисол бўлади. Қўшни давлатлар энергия тизимлари иш сифатига қисман боғлиқмиз”,– дейди Қозоғистон етакчиси.
Тоқаевнинг сўзларига кўра, у АЭС қурилишини ушбу қийин вазиятдан чиқиш йўли деб ҳисоблайди.
“Нима учун масъул шахслар АЭС қуриш ҳақидаги саволларига жавоб беришдан қочяпти, тушунмаяпман. Ахир очиқчасига айтиш керак: тоза атом энергиясисиз биз бутун иқтисодиётимизни йўқотамиз, инвестициялар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Минтақавий етакчилигимизни йўқотамиз. Бизга тоза атом электроэнергияси жуда зарур. Иқтисодий воқеликларни тушунмайдиган популистларнинг йўриғига эргашиш керак эмас”, - дейди Тоқаев.
Президент мутасаддиларга атом энергетикасининг аҳамияти юзасидан ахборот-тушунтириш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берган.