Чор Бакр меъморий ёдгорлик ҳудудидаги ер ноқонуний аукционга қўйилган

Маданий мерос агентлиги: маданий мерос объектининг муҳофаза теграларида ер участкалари ижарага ва мулк ҳуқуқи асосида ноқонуний электрон онлайн-аукционга қўйилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Чор Бакр меъморий ёдгорлик ҳудудидаги ер аукционга қўйилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Уни ЮНEСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда.
Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги бу хабарга муносабат билдириб, мажмуанинг муҳофаза теграларида ер участкалари ижарага ва мулк ҳуқуқи асосида ноқонуний электрон онлайн-аукционга қўйилганини маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси "Чор Бакр" мажмуаси қўриқланадиган теграсидан 0,018 гектардан жами 6 та (0,108 гектар) бўш турган ер участкасини "YerElectron" автоматлаштирилган ахборот тизимидан чиқариб ташлаш чораларини кўришни билдирган.
Бунга жавобан Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилояти бошқармаси мурожаат Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатасига юборилганини маълум қилган.
Шунингдек, вилоят маданий мерос бошқармаси 10 январь куни Бухоро тумани ҳокимига, "YerElectron" тизимига қўйилган 6 та ер участкаларини аукциондан чиқаришда ва "Чор Бакр" мажмуасининг муҳофаза теграларида тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш мақсадида унинг муҳофаза теграларида барча турдаги янгидан амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларини Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда олиб борилиши юзасидан мурожаат йўллаган.
Мазкур ҳолат юзасидан материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Чор Бакр XVI-ХХ асрларга мансуб бўлган тарихий ёдгорлик. Мажмуа Бухоро тумани Шергирон маҳалласида жойлашган ва давлат муҳофазасига олинган.

Мавзуга оид:

Паркентда археологик ёдгорлик ҳудуди ғишт ишлаб чиқариш корхонасига сотиб юборилган
Қорақалпоғистонда тарихий ёдгорлик қабристонга айлантирилгани текширилмоқда - фото
Маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади