ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ўзбекистон профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг қишки таътил муддатини ўзгартириш режалаштирилмоқда. Президентнинг тегишли фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Декабрнинг охирги ўн кунлиги ва январнинг биринчи ўн кунлиги оралиғида (20 декабрь–10 январь) талабаларга ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътил бериш таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлади.
Қишки таътил бошланишидан 10 кун олдин талабаларга поезд ва самолёт чипталарини 50 фоиз чегирма билан сотиш бошланади. Юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, ВИП вагонлари бундан мустасно.
Ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилади.
Қишки таътилда ҳаракатланиш графигини мувофиқлаштириш мақсадида яшаш жойи республиканинг бир минтақасида, таълим олиш жойи эса бошқа минтақасида бўлган ўқувчи ва талабалар ҳақида махсус электрон платформани (www.e-holiday.uz) яратиш режалаштирилмоқда. 2022 йил 1 майга қадар платформа тўлиқ йўлга тушиши керак.
Ҳужжат 19 февралгача муҳокама қилинади. Қуйидаги ҳавола орқали муҳокамада иштирок этиш мумкин.