Ўзбекистон ва Хитой 5 йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини имзолади

Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Пекинга ташриф доирасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастури имзоланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Пекин шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпин билан учрашди
Пекин шаҳридаги расмий учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан батафсил фикр алмашдилар.
2021 йил якунига кўра товар айирбошлаш рекорд кўрсаткичга етди, Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 9 миллиард долларни ташкил этди.
Хитойнинг етакчи компания ва банклари иштирокида саноат, кимё тармоғи, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа устувор йўналишларда юқори технологик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда ушбу ташриф доирасида имзоланган беш йиллик Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурини кенг кўламда амалга ошириш муҳим экани қайд этилди”, - дейилган хабарда.
Мутаносиб товар айирбошлашга эришиш, самарали ҳудудлараро алмашинувларни қайта тиклаш ва самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича биргаликда чора кўришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланишича, камбағалликка ва коррупцияга қарши курашиш борасида Хитой тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Соғлиқни сақлаш, анъанавий тиббиёт, туризм, таълим, маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик дастурини кенгайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Муҳим иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни илгари суриш мақсадида қўшма Хукуматлараро қўмита ва унинг соҳалар бўйича кичик қўмиталарининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш масалалари келишиб олинди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Афғонистонда тез фурсатда тинчлик ўрнатилишига ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиш кўриб чиқилди.
Якунда Мирзиёев Хитой раиси ва халқини ой тақвими бўйича кириб келган Янги йил билан табриклади ва қишки Олимпиада муваффақиятли ўтишини тилади.