ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Халқ таълими вазирлиги ўзбек ва қардош тилларда дарс бериладиган мактабларда дарс берадиган рус тили фани ўқитувчиларига мурожаат қилди.
Маълум қилинишича, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, хусусан, Telegram’даги “С1 вместе с МГУ” каби каналларда рус тили ўқитувчиларидан маълум пул эвазига ТРКИ имтиҳони ўтказиб, ТРКИ С1 сертификатини ваъда қилиш ҳоллари учрамоқда. Бу борада рус тили ўқитувчиларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Бу мурожаатларни ўрганиш мақсадида вазирлик М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг (МГУ) Тошкент шаҳридаги филиали билан боғланган. Университет эса бундай тадбирларга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ва бу маълумот ёлғон эканини билдирган.
Таъкидланишича, университет сертификацион имтиҳонларни ўзининг Тошкент филиалида жорий йилнинг март ойидан бошлаб ўтказишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 февралдан бошлаб С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 50 фоиз устама бериш белгиланган. Устама 2 йил давомида тўланади.