ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. 2022 йил январь ойида истеъмол бозорида товар ва хизматлар ўртача 0,9 фоизга қимматлашган. Йиллик кўрсаткичда (2021 йил январига нисбатан) истеъмол секторида нархлар ўсиши 9,8 фоизни ташкил этди. Бундан Давлат статистика қўмитаси рақамлари дарак бермоқда.
Январь ойидаги инфляция даражаси ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга, йиллик кўрсаткич эса 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 фоизга пастлаган.
Нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаган. Улар нархлари ўртача 1,3 фоизга ошган. Ноозиқ-овқат товарлари 0,5 фоизга, аҳолига пуллик хизматлар 0,7 фоизга ошди.
Бу ойда анъанавий тарзда мева-сабзавот маҳсулотлари нархлар ошиши бўйича етакчилик қилди. Мевалар нархи 2021 йил охирига нисбатан 3,1 фоизга, сабзавотлар 5,8 фоизга қимматлашган. Гўшт маҳсулотлари эса 0,4 фоизга арзонлашган.
Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимлар олдига жорий йилда инфляция даражасини 9 фоиздан оширмаслик вазифасини қўйган.