Тиббиёт муассасаларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилди

Юритиладиган 26 турдаги тиббий ҳисоб журналларидан 14 таси қолдирилди. Қолган 14 тасидан 10 таси соддалаштирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Бугун, 1 февралдан бирламчи тиббиёт муассасаларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, янги тартибда иш юритилади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинди.
Вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ фойдали бўлмаган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қисқартириш юзасидаги вазиятни чуқур ўрганиб, мавжуд 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шаклларидан бир қисми амалиётда кераксиз, деган хулосага келган.
“Шу йил 1 февралдан кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларида юритиладиган 26 турдаги тиббий ҳисоб журналларидан 14 таси қолдирилди. Қолган 14 тасидан 10 таси соддалаштирилди. 33 турдаги тиббий карта ва бланкалар эса 14 тагача қисқартирилди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланмаган тиббий ҳисоб ҳужжат шаклларидан фойдаланиш қатъиян ман этилди.
“Энди шифокор ва ҳамширалар асосий вақтини ортиқча қоғозбозлик, яъни, ҳисоботу ҳужжатлар тўлдиришга эмас, балки бош вазифаси бўлган беморларни даволашга йўналтиради”, - дея хулоса қилинади хабарда.
ССВ шифохоналардаги ортиқча қоғозбозликни қисқартиришга киришди