Москва прокурори мигрантларни геном бўйича рўйхатга олишни таклиф қилди

Москва прокурори меҳнат мигрантларини геном бўйича рўйхатга олиш тартибини жорий этишни таклиф қилди.
Sputnik
Москва прокурори меҳнат мигрантларини геном бўйича рўйхатга олиш тартибини жорий этишни таклиф қилди. Денис Попов бундай таклифни “Российская газета”га берган интервьюсида айтди.
Унинг сўзларига кўра, меҳнат мигрантлари орасида жиноятчиликка қарши геном бўйича рўйхатга олиш процедураси ёрдамида курашиш керак.
Қонунни бузган хорижликлар мамлакатдан чиқариб юборилади. Бироқ, улар бошқа исм ва фамилияларга олинган янги паспортлар билан Россияга қайтиб келишади. Ўтган йили 800та шундай ҳолат аниқланди.
"Бу вазиятни фақатгина Москвага келаётган барча меҳнат мигрантларининг геном бўйича рўйхатга олиниши тубдан ўзгартириши мумкин. Айтганча, бу ўтган йиллар давомида кўплаб очилмаган жиноятларни ҳам фош этишга ёрдам беради", - деб таъкидлади прокурор.
Геном бўйича рўйхатга олиш - бу Россия Федерацияси фуқаролари, шунингдек, мамлакатда яшовчи чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биологик материалларини рўйхатга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш.
Биологик материал деганда геном бўйича маълумотларни ўз ичига олган инсон тўқималари тушунилади: унинг ДНК қисмлари.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Россия Тергов қўмитаси раҳбари меҳнат мигрантлари учун ДНК рўйхатидан ўтиш процедурасини жорий этишни таклиф қилганди.