ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ёшларнинг коррупцияга қарши курашдаги иштироки борасида U-Report билан ҳамкорликда ўтказган сўров натижалари эълон қилинди.
Сўров мақсади ёшларнинг коррупцияга қарши курашдаги иштирокини қандай ҳис қилишларини билиб олиш бўлган.
Натижалар шуни кўрсатдики, респодентларнинг:
51 фоизи коррупциянинг моҳиятини тўғри тушунади;
81 фоизи коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар беришга тайёр;
46 фоизи атрофдагилар пора олиш/пора беришига салбий муносабатда.
Шунингдек, сўровда қатнашганларнинг 81 фоизи Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга ёшларни жалб этишни коррупция даражасини пасайтиришга ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
Респондентларни пора беришдан тўхтатадиган 4 та асосий сабаб:
Эътиқодга зид келиши – 26 фоиз;
Ноқонунийлик – 25 фоиз;
Қадриятларга/тарбияга зид эканлиги – 16 фоиз;
Жиноий жазодан қўрқиши - 9 фоиз.
Қатнашчиларнинг 9 фоизи эса агар бошқа иложи бўлмаса, пора беришдан ҳеч нарса тўхтатмаслигини билдирган.
Коррупцияга қарши курашиш учун масъул деб ҳисобланувчи ТОП-3 жавоблар:
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (33 фоиз);
Мен ўзим (27 фоиз);
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари (11 фоиз).
Қатнашчиларнинг 39 фоизи эса пора беришни коррупция деб ҳисобламайди
Сўровнинг мақсади ёшларнинг коррупцияга қарши курашдаги иштирокига муносабатини аниқлаш бўлгани сабабли 7 дан 35 гача бўлган ёшлар танланган. Сўровда 16 189 киши қатнашган.
Респондентларнинг ўртача ёши 21.5 ёшни ташкил этди. Бундан ташқари, респондентлар 7-15 ёшгача, 16-25 ёшгача ва 26-35 ёшгача бўлган ёш гуруҳларига бўлинган. 16-25 ёшдаги респондентлар кўпчиликни ташкил этди – 68,8 фоиз. Респондентларнинг кўпчилиги Навоий (17 фоиз), Самарқанд (11 фоиз) ва Бухоро вилоятларига (9 фоиз) тўғри келди. Энг кам иштирокчилар Сирдарё, Тошкент ва Жиззах вилоятларидан бўлди – 3 фоиз ва 4 фоиздан тўғри келди.