ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Қирғизистон ИИВ томонидан Тожикистон билан чегарадаги можародан кейин “тинчликка қарши жиноят” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 27 январ куни соат 18:00 атрофида Қирғизистон Боткен тумани Кўк-Тош қишлоғи билан Исфара тумани Самониен қишлоғи ўртасидаги чегаранинг тасдиқланмаган қисмида Тожикистон чегарачилари Ўш-Исфана йўли ва Исфара-Ворух автомобил йўли қисмини тўсиб қўйишди. Қирғизистон чегарачилари ўз ҳамкасбларидан тўхташни сўрашди.
Музокаралар чоғида икки давлат маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари қурилиш ишларини тўхтатиб, йўлни очишга келишиб олдилар. Бироқ соат 19:30 атрофида Тожикистон чегарачилари халқаро келишувларни бузган ҳолда оғир ўқотар қуроллардан фойдаланиб, оддий фуқаролар истиқомат қилувчи Кўк-Тош қишлоғидаги Чир-Добо, Қум-Мозор, Дахма участкаларига, шунингдек Ўрто-Бўз қишлоғидаги Тўрт-Кочо участкаси ва Кўк-Тош қишлоғидаги Қирғизистон ИИВ Ички қўшинларининг 707-сонли ҳарбий қисми биносида ҳужум қилишди.
ФВВ маълумотларига кўра, маҳаллий аҳолининг уйлари ва 707-сонли ҳарбий қисм биноси зарар кўрган, бир неча ҳарбий хизматчи ва бир маҳаллий аҳоли ўқдан тан жароҳатлари олиб, Боткен вилояти шифохонасига олиб келинди.
Жабрланувчиларга суд-тиббий экспертиза тайинланди.
Тожикистон томони 13 киши яралангани, 2 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.
Кечаси томонлар ўт очишни тўлиқ тўхтатишга келишиб олдилар. Ҳозир чегарада вазият тинч.