Тошкентда Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган бир гуруҳ шахс қўлга олинди

Улар асосан ёшлар. Айримлари вилоятлардан Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида келишган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Тошкентда Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлган бир гуруҳ шахс қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўтказилган тезкор тадбирда "Тавҳид ва жиҳод катибати"* номли террорчилик ташкилотининг 30 га яқин аъзоси ушланган.
Улар Тошкент шаҳри ҳудудида жамоавий йиғинларни ўтказиб, келгусида Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келган.
Қайд этилишича, қўлга олинганлар асосан ёшлардан иборат ва уларнинг айримлари Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида келган.
Ёшларнинг хориждаги ноқонуний ҳужраларда диний таълим олишига кўмаклашган гуруҳ ушланди
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
* Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террорчилик гуруҳи деб топилган ва фаолияти тақиқланган