Чанг бўрон ва кучли шамол: “Ўзгидромет” огоҳлантириш билан чиқди

Бугун Тошкент вилоятида чанг бўрони кузатилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. "Ўзгидромет" Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида чанг бўрони кузатилишидан огоҳлантирди.
27 январь кунида Туркманистон ҳудудидан илиқ ҳаво кириб келиши, ҳарорат ва атмосфера босимининг нисбатан градиентлари вужудга келиши ҳисобига Бўстонлиқ туманининг баъзи жойларида шамол тезлиги 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Натижада мазкур ҳудудда чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиши мумкин.
28-29 январ кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан Каспий денгизи ва Туркманистон орқали нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда.
28-29 январда республика бўйича баъзи жойларда шамол кучайиши кутилмоқда, жумладан:
28 январда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида 17-22 м/с гача;
28 январда Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида 17-22 м/с гача, айрим жойларда 25-28 м/с гача кучайиши мумкин;
29 январда Сурхандарё, Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларида шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
28-29 январда республика ҳудудлари бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда қорга айланиши мумкин.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин.