ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда мавжуд экстремистик канал ва саҳифалар рўйхати янгиланди.
Олий суднинг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан ижтимоий тармоқлардаги бир қатор канал (гуруҳ, материал)лар экстремистик ва террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, тайёрлаш ёки намойиш этиш тақиқланган.
Улардан 8 таси Telegram мессенжерида, яна 8 таси Facebook ва 3 таси Instagram платформаларида фаолият олиб боради.
Ушбу саҳифалар "Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида"ги қонуннинг 11-моддасини бузган.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган, тайёрланаётган, сақланаётган, тарқатилаётган ва намойиш этилаётган, ОАВда тарқатилаётган материаллар агар экстремистик фаолиятни амалга оширишга ошкора даъват қиладиган бўлса, қонун ҳужжатларига кўра суд томонидан экстремистик материаллар деб топилади ҳамда уларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади.
166 та тақиқланган канал, материал ва саҳифалар орасида "Абу Салоҳ дарсликлари", "Тавҳид ва Жиҳод", "Аёллар дарслари силсиласи", "Жаннат ошиқлари" кабилар бор.