Умра сафари нархи нега ошганига изоҳ берилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра тўлови ошгани борасидаги турли мулоҳазаларга муносабат билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда пандемиядан аввал, яъни 2020 йил февраль ойига қадар қилинган Умра тўлови ошгани борасида турли мулоҳазалар билдирмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси қўшимча тўлов ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, пандемия Умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Хусусан, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш талаблари ўрнатилган.
Умра-2022: ўзбекистонликлар учун зиёрат қачон бошланади ва унинг нархи қанча
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилган. Боз устига қиролликда 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи ҳам жорий этилган.
"Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар буюртма қилинди. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли „Пулман зам-зам“ ва Байтуллоҳ атрофидаги „Жабал Умар“ ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинди. Қиёс учун, олдинги йилларда зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км. бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 2020 йил февраль ойига қадар умра учун тўлов амалга оширган, пандемия сабаб бориш истагидан қайтган фуқароларнинг мурожаатига асосан тўловлари қайтариб берилган. Қолган фуқароларнинг маблағлари ўз ихтиёрларига кўра, умра ҳисоб рақамида сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 22 январдан ўзбекистонликлар яна Умра зиёратини амалга оширишлари мумкин.