ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда
Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, ташрифдан мақсад Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, сиёсий ва дипломатик алоқаларнинг асосий йўналишлари билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, ишчи учрашув ва музокаралар ўтказишдан иборат.
Туркманистон раҳбари Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, шунингдек, икки мамлакат хўжалик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини кенгайтириш, қўшма савдо маркази - "Туркманистон – Ўзбекистон" чегара савдо зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларни ратификация қилди.
10 январь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов туркманистонлик Рашид Мередов билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигининг ҳозирги ҳолати ва алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.