Москвада биринчи одамга “фуқаролиги йўқ шахс паспорти" берилди

Москвада биринчи фуқаролиги йўқ шахс вақтинчалик шахсини аниқловчи гувоҳнома олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12янв — Sputnik. Москвада илк бор фуқаролиги йўқ шахс вақтинчалик шахсини аниқловчи гувоҳнома олди. Бу ҳақида РИА Новостига пойтахт Инсон ҳуқуқлари кенгаши комиссияси аъзоси Ева Меркачева айтиб берди.
Ушбу турдаги шахсни аниқловчи ҳужжат тўғрисидаги қонунни 2021 йилнинг феврал ойида Владимир Путин имзолаган эди. Бундай ҳужжат 10 йил муддатга берилади ва фуқаролиги йўқ шахсларга меҳнатга рухсатнома олмасдан ишлаш ҳуқуқини беради.
“Москвада биринчи бўлиб “фуқаролиги йўқ шахс паспорти” – вақтинчалик шахсини аниқловчи гувоҳнома олган киши – 53 ёшли Ёқубжон Ҳакимжонов бўлди. У ИИВ Миграция бошқармасининг хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш муассасасида (Сахарово) икки йилдан ортиқ вақт ўтказган. Фуқаролиги бўлмагани сабабли уни ҳеч қаерга депорт қилишнинг иложи бўлмаган", — дейди Меркачева.
Ҳакимжоновнинг сўзларига кўра, у Душанбе шаҳрида туғилган. У 5 ёшга тўлганда унинг оиласи Астрахань шаҳрига кўчиб ўтган. У мактабга бормаган.
“Кўчада юрган, тамаки чеккан, қарта ўйнаган. Ёшлигидан қамоқхонага тушиб қолган ва ҳаёти шу тарзда давом этган”, - деб Ҳакимжоновнинг сўзларини келтиради ҳуқуқ ҳимоячиси.
Ҳакимжонов китоб ўқийди, ёзишни билади. Бунга у “Бутырка” қамоқхонасида ўрганган. Шунингдек Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш маркази раҳбарияти Ёқубжонга кнопкали телефон совға қилишган. Эҳтимол шунда у қариндошларини тезроқ топиб олар ва қариндошлари уни ўз уйига олиб кетар, — деб ҳикоя қилади Меркачева.
Шунингдек, Ҳакимжонов унга бирор иш топишда ёрдам беришни сўрамоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиси айтишига кўра, Ҳакимжоновни сўнгги маротаба қўлга олишганида у ҳеч қандай жиноят қилмаган. Полиция шунчаки унинг шахсини аниқлай олмаган. Ўшанда у ҳеч қайси давлат фуқароси эмаслиги маълум бўлган.