Фарғонада ИД* ғояларини тарғиб қилган ёш йигитга қарши жиноий иш очилди

19 ёшли фарғоналик интернет орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган. У “Ислом давлати”* террористик ташкилотига қўшилиш учун Туркия орқали Сурияга ўтишга уринган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Фарғона вилоятида “Ислом давлати”* террорчилик ташкилоти тарафдорига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
ДХХ маълумотларига кўра, Учкўприк туманида яшовчи 19 ёшли У.М. Интернет орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган. У Суриядаги “Ислом давлати”* сафига қўшилиш мақсадида 2021 йилнинг апрель ойида Туркияга борган. Аммо у ердан Сурияга ўта олмай, сентябрь ойида доимий яшаш манзилига қайтиб келган.
Сўнгра Қўқон шаҳри ва Учкўприк туманида истиқомат қилувчи яқин алоқаларидан иборат яширин “жамоат” тузиб, улар орасида “Ислом давлати”* террорчилик ташкилоти ғояларини тарғиб қила бошлаган.
ДХХ “Ҳизб ут-Таҳрир”*нинг 12 нафар тарафдорини қўлга олди
Аниқланишича, у ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тинглаб келган. Уларнинг таъсирида “жамоат” аъзолари орасида “жиҳод” ҳамда “шаҳид”ликка чорловчи аудиосуҳбатлар олиб борган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, У.М.нинг телефони хотирасидаги маълумотлар ўзининг моҳияти ва мазмуни, уларда илгари сурилган ғоялар жиҳатидан Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материаллар сирасига кириб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳисобланади.
Тавбасига таянмади: террорчиларга қўшилиш учун қочиб кетган шахс қўшни мамлакатда ушланди
Ҳозир У.М. ва унинг шерикларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмокда.
* Россия, Ўзбекистон ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти