ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) қишки таътил узайтирилгани ўқитувчиларнинг маошига таъсир қиладими деган саволга жавоб берди.
“Умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун бериладиган қўшимча таътил кунлари давомида халқ таълими тизимида фаолият юритаётган педагог ва бошқа ходимларга амалдаги иш ҳақи тўловлари сақланган ҳолда тўлаб борилади, яъни ойлик маошга таъсир қилмайди”, - дейилган вазирлик хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун қишки таътил муддати 2022 йил 24 январга қадар узайтирилгани хабар қилинган эди. Бу қарор ўқувчилар ўртасида мавсумий грипп касаллигининг кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Таътил кунлари давомида ўқувчилар учун онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловлар ташкил этилади.