Ғарб "Сибирь кучи-2" шартномасидан жиддий хавотирга тушди

Россия ва Хитой орасида "Сибирь кучи-2" газ қувури қуриш ҳақида шартномага эришилди. Бу келажакда Москвага газ учун харидорни танлаш имконини беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 янв - Sputnik. Россия ва Хитой ўртасидаги янги имзоланган "Сибирь кучи-2" газ қувури қуриш шартномасидан Европа хавотирга тушди, Британиянинг Telegraph нашри шарҳловчиси Рейчел Миллард.
Шарҳловчи айтишига кўра, Москва ва Пекин орасида имзоланган Осиёга газ етказиб беришни икки баравар ошириш тўғрисидаги шартномани “Шимолий оқим-2”нинг муҳокамаси билан банд бўлган Брюссел ва Лондон томонидан пайқалмай қолган. Ваҳоланки ушбу лойиҳа Москванинг жаҳон бозорларига таъсир қилиш имкониятини янада оширади, Европанинг энергетик мустақиллигига эса жиддий таъсир кўрсатади.
Янги шартнома бўйича режалаштирилаётган қувур Хитойга йилига 50 миллиард куб метр ёқилғи эквиваленти етказиб бериш қувватига эга бўлади. Хом-ашё Шарқий Сибирдаги конлардан олинади, янги қувурга Европага газ жўнатилаётган Ямал минтақаси конлари ҳам уланиши мумкин.
"Бу эса келажакда бир қатор саволлар пайдо бўлишига олиб келади. Москва ҳар иккала томон талабларини қондириш учун етарли ресурсларга эга бўлсада, газ учун қимматроқ нарх тўлайдиган харидорни маъқул кўриши мумкин", - деб ёзади ICIS таҳлилчиси Томас Марзес-Мансер.
Хитой, Европадан фарқли ўлароқ, нефть нархига боғлиқ бўлган узоқ муддатли шартномалар бўйича катта ҳажмдаги газ сотиб олади. Европа Кенгашининг ташқи алоқалар бўйича таҳлил маркази вакили Филипп Медуник Брюсселни бу қиш каби хомашё танқислигини бошдан кечирмаслик учун газ етказиб бериш бўйича “тўғри келишувлар” тузишга чақирди.
"Сибир кучи-2" - Сибирдаги конлар ва Хитойнинг ғарбий қисмидаги Шинжон-Уйғур автоном округи ўртасида қуриш режалаштирилган газ қувури бўлиб, унинг лойиҳа қуввати йилига 50 миллиард куб метрни ташкил қилади. Магистраль қурилишини 2024 йилда бошлаш режалаштирилган.