ТОШКЕНТ, 30 дек – Sputnik. Ниқоб тақиш бекор бўлганини айтган ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (ЙҲХББ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими мамлакатда 1 ноябрдан тиббий ниқоб тақиш бекор қилинганини айтган видео тарқалган эди.
ЙҲХББ хабарига кўра, воқеа 30 декабрь куни соат 10:30 ларда Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлида рўй берган. ЙПХ ходими И.Ҳусанов “Lacetti” ҳайдовчисини тўхтатган.
Ўзаро мулоқот жараёнида машинадаги йўловчи ЙПХ ходими ниқоб тақмаганлигига эътироз билдирган. Ходим эса тиббий ниқоб тақиш бекор қилинганлигини таъкидлаб, фуқарога нотўғри маълумот берган.
Хабарда республика махсус комиссияси томонидан тиббий ниқобни тақиб юриш мажбурий эмаслиги бўйича ҳеч қандай қарор эълон қилинмагани урғуланган.
Ҳозирда ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқобсиз юриш ўтган йилнинг март ойидан бошлаб тақиқланган эди. Ниқобсиз юрганлар 1,25 млн сўм миқдорда жаримага тортилиши мумкин.