Бухорода қирққа яқин эркакка ОИТС юқтирган фоҳиша аёлга ҳукм ўқилди – видео

Аёл касаллигини била туриб қарийб 4 йил давомида бу касалликни қасддан бошқаларга юқтириб келган. Суд аёлни олти ярим йилга ҳукм қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек – Sputnik. Бухоро вилоятида фоҳишалик билан шуғулланган аёл қирққа яқин эркакка орттирилган иммунитет танқислиги синдроми касаллигини (ОИТС) юқтиргани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Аёл 2017 йилда ОИТСга чалинган бўлган ва диспансер назоратига олинган. У касалликни бошқаларга юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилганига қарамай, бегона эркаклар билан жинсий алоқада бўлиб келган.
Аёл қарийб 4 йил давомида бу касалликни қасддан бошқаларга юқтириб келган. Олиб борилган ўрганишлар натижасида у қирққа яқин эркакларга ОИТС инфекциясини юқтиргани аниқланган. Эркакларнинг аксарияти оилали. Натижада касаллик уларнинг турмуш ўртоқларига ҳам юққан.
“Март—апрель ойларида дўстларим билан кафеда овқатланиб ўтирганимизда, ёнимиздаги столда овқатланиб ўтирган икки нафар қиз билан танишиб қолдик. Улар билан бориб, яқин алоқада бўлдик. Шундан сўнг, улар билан бир неча маротаба телефонлашиб, дўстларим билан бориб, яқин алоқада бўлганимиздан кейин мен у қизларнинг касалликка чалинганини эшитиб қолиб, тиббий кўрикдан ўтганимда ўзимга ушбу касалликни юқтириб олганимни билиб қолдим. Турмуш ўртоғим ҳомиладор, ҳомила 6 ойлик”, — дейди фоҳиша аёл билан алоқада бўлган эркаклардан бири.
Эркак қилган ишидан пушаймонлиги ва туғилажак фарзанди тақдиридан хавотирда эканини билдирган. У бошқаларга кўчаларда ўзлари билмайдиган аёллар билан жинсий алоқада бўлмасликни тавсия қилган ва бу ишлар мана шундай оқибатларга олиб келишини айтган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 113-моддасининг (таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши айблов хулосаси билан судга оширилган. Суд ҳукмига кўра, судланувчи аёл 6 ярим йилга қамалди.

Мавзуга оид:

Бухорода 25-30 ёшлардаги ўндан ортиқ эркакка таносил касаллигини юқтирган аёл аниқланди
Бухорода аёлларга қасддан ОИВ вирусини юқтирган йигит қўлга олинди
Бухорода ўзгага ОИВ инфекциясини юқтирган аёлга қарши жиноий иш очилди