ТОШКЕНТ, 28 дек – Sputnik. Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний йўллар билан АҚШга юборишга бўлган уринишнинг олдини олди.
ДХХ матбуот хизмати хабарига кўра, Самарқанд туманида яшовчи, 1985 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар шахс Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи икки кишига уларни Америкага юборишни ваъда қилишган. Бунинг эвазига уларнинг ҳар биридан 30 мингдан, жами 60 минг доллар талаб қилишган.
Тезкор тадбирда улар олдиндан 20 минг доллар олган вақтларида ушланган.
Аниқланишича, фуқароларни "Ўзбекистон-Туркия-Боливия-Колумбия-Мексика-АҚШ" йўналиши орқали Штатларга юбориш режалаштирилган.
Шунингдек, чув тушган фуқароларга йўлга чиқишдан аввал ПЗР-тест маълумотномасига ва ҳисобида 4 минг доллар бўлган VISA-картага эга бўлишлари кераклиги тушунтирилган. Ҳар бир давлат ҳудудида уларни кузатиб қўювчи шахсларнинг талабларини, жумладан, Амазонка дарёсининг Колумбиядан оқиб ўтувчи қисмидан ва Мексиканинг ўрмонларидан ўтиб олиш бўйича талабларини бажаришлари зарурлиги айтилган.
Бундан ташқари, тадбир давомида ҳибсга олинган шахсларда 60 нафардан ортиқ фуқароларнинг паспорт нусхалари борлиги ҳам аниқланди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.