Ёнғин хавфсизлиги ходими сифатида ноқонуний пул ундираётган фирибгарлар пайдо бўлди

Фирибгарлар ишонувчан фуқаролардан 20-40 минг сўм ундириб олаётгани кузатилмоқда. Улар гўёки бу мажбурий солиқ ёки коммунал тўлов деб алдашмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. Ўзбекистонда куз-қиш мавсуми бошланишида ўзларини давлат ёнғин назорати органлари ходими сифатида таништираётган фирибгарлар пайдо бўлмоқда. Адлия вазирлиги бундай фирибгарларнинг хатти-ҳаракатидан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, фирибгарлар фуқаролардан йиллик 20-40 минг сўм атрофида мажбурий тарзда солиқ ёки коммунал тўлов сифатида ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, ушбу ҳаракатлар турли хил шаклда ташкил этилган, асосан номида “ёнғин”, “олов”, “қарши кураш”, “хавфсизлик”, “ҳимоя” каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётганлиги аниқланган.
Сохта сайтлар ўзбекистонликларни “Uzcard” номидан алдамоқда
Вазирлик айрим шахслар томонидан ўзларини “давлат ёнғин назорати органлари ходими” сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилган.
Фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши лозимлиги эслатилган:
совуқ сув таъминоти;
иситиш ва иссиқ сув таъминоти (кўп қаватли уйларда);
электр таъминоти;
газ таъминоти;
канализация (истеъмолчи уланган бўлса).
“Шу ўринда такроран маълум қилинадики, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бирон бир тўлаб борилиши шарт бўлган коммунал тўлов ёки солиқ қонунчиликда мавжуд эмас”, - дейилган хабарда.