ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги савдо марказида рўй берган портлаш юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Денов шаҳри марказидаги икки қаватли “Инденим” савдо мажмуасида 7 декабрь кунига ўтар кечаси портлаш содир бўлган эди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 9 киши жароҳатланиб, 2 киши ҳалок бўлган. Портлашдан 65 та уй зарар кўрган, 6 та хонадон яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолган. Вилоят ҳокими Тўра Боболов етказилган зарар давлат томонидан тўлиқ қоплаб берилишини маълум қилган.
Бош прокуратура портлаш бирон-бир портлатувчи модда ёки нефть маҳсулотлари ёрдамида амалга оширилгани ҳақидаги версияни рад этган.
ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаровнинг таъкидлашича, савдо мажмуасида газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши портлашнинг асосий сабаби ҳисобланади.
Мавзуга доир: