ТОШКЕНТ, 7 дек – Sputnik. АҚШ “инсон ҳуқуқлари бузилиши сабаб” 2022 йилда Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.
Оқ уй вакилининг таъкидлашича, ушбу қарор АҚШ дипломатик ва расмий шахслари Олимпиадага бормасликларини англатади, бироқ америкалик спортчилар мусобақаларда иштирок этиши мумкин.
“Байден маъмурияти 2022 йилги Пекин Олимпиадаси ва Паралимпиадасига дипломатларни ёки расмий шахсларни жўнатмайди” – деди Псаки.
У Вашингтон бу қарори ҳақида иттифоқдошларини хабардор қилганини қўшимча қилди, бироқ улар Пекин Олимпиадаси бўйича ўзлари бир қарорга келишади.
ХОҚ муносабати
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) АҚШ ҳукуматининг қарорига муносабат билдирди.
“Ҳукумат вакиллари ва дипломатларнинг иштирок этиши бу ҳар бир ҳукуматнинг шахсий сиёсий қарори ва ХОҚ сиёсий нейтрал бўлгани сабабли бу қарорни ҳурмат қилади. Шу билан бирга, АҚШнинг дипломатик бойкот эълон қилиши Олимпиада ва унда спортчиларнинг иштирок этиши сиёсатдан ташқарида эканини яққол билдиради ва биз буни қутлаймиз”, - дейилган ХОҚ хабарида.
Хитой АҚШнинг хатти-ҳаракатларига қандай муносабат билдирди
Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси Қўшма Штатларнинг Пекин Олимпиадасини бойкот қилиш тўғрисидаги қарорини сиёсий манипуляция ва Олимпия кайфиятини бузиб талқин қилиш деб атади.
“АҚШ сиёсатчиларига ҳеч қандай таклифнома юборилмаган, шу боис бу дипломатик бойкот” шунчаки йўқ жойдан пайдо бўлди.... Бундай баландпарвоз хатти-ҳаракатлар – сиёсий манипуляция ва Олимпия хартиясининг кайфиятини жиддий бузиб нотўғри талқин қилиш”, - дейилган элчихона баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, XXIV қишки Олимпия ўйинлари Пекинда 2022 йилнинг 4-20 февраль кунлари бўлиб ўтади.