ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Смоленск вилоятида иш берувчи томонидан паспортлари олиб қўйилган мигрантларга ёрдам берилди, деб хабар қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.
24 ноябрь куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига Смоленск вилояти Вязьма шаҳрида жойлашган “Константа” МЧЖда ишлаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар иш берувчи томонидан уларнинг паспортлари олиб қўйилгани, уч ойдан буён патент расмийлаштирилмаётгани ва ойлик маошлари кечиктирилаётгани ҳақида мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, шу йил август-ноябрь ойлари давомида Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан жами 234 нафар фуқаро ишга жалб қилинган. Вақт ўтиши билан иш берувчи ва фуқаролар ўртасида айрим зиддиятлар юзага келган:
- шартномада иш вақтлари соат ҳисобида ҳисобланиши белгиланган, аммо иш ҳажмининг тушиб кетгани сабабли иш берувчи томонидан октябрь ойидан бошлаб иш ҳажмига ўтказилган.
- иш берувчи томонидан фуқароларга транспорт, иш кийими, рўйхатда туриш, патент, тиббий суғурта учун қилинган харажатларнинг кейинчалик қайтарилиши масаласида ҳам тушунмовчилик келиб чиққан.
- айрим фуқароларнинг паспортлари рўйхатда туриш ва патент расмийлаштириш учун олинган, айримлари эса уйидаги камчиликлари сабабли ишни бошламасдан кейинчалик ишлаб бериш шарти билан олинган 100 АҚШ долларидан 800 АҚШ долларигача аванс пули учун кафолат сифатида ўзлари иш берувчига паспортларини топширган.
- Ўзбекистонда фуқаролар иш берувчи билан улар учун қилинган харажатларини дастлабки 3 ойда қайтаришга келишгани сабабли фуқароларга аванс ҳисобида 47 минг рубль ҳамда шахсий эхтиёжлари учун ҳар ҳафта 1500 рубль маблағ бериб келинган.
- фақатгина ётоқхонада тартибига амал қилмаганлар, жумладан, спиртли ичимлик истеъмол қилганлар жаримага тортилган, ҳатто умумий қиймати 1,5 млн рубль бўлган 10 тонна балиқ яроқсиз ҳолатга келтирилганда ҳам ҳеч ким жаримага тортилмаган.
“Константа” МЧЖ раҳбари ва фуқаролар ўртасида учрашув ташкил этилиб, суҳбат мазмуни тушунтирилди. Фуқароларнинг паспортлари қайтариб берилиб, 30 ноябрь куни уларнинг ойлик маошлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси вакиллари иштирокида тўлиқ тўланишига келишилди.
Корхонада бўлиб турган ҳар бир фуқаронинг муаммосига янада ойдинлик киритиш ва аниқланган муаммоларни иш берувчи билан бартараф этиш учун Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъулларининг 27 ноябрь куни воқеа жойига етиб бориши режалаштирилди.