Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати янгиланади – ССВ

ССВ рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини бекор қилиб, уни янгилаш бўйича буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 ноя – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати янгиланиб, ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга чек қўйилишини маълум қилди.
Вазирликнинг билдиришича, шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Аммо яна шундай препаратлар мавжудки, уларни дорихоналардан ҳеч қандай чекловларсиз, яъни рецептсиз харид қилса бўлади.
Шу йилнинг июль ойидан ССВ буйруғи асосида рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати кескин камайтирган. Яъни монопрепаратлар позицияси 105 тага, мажмуавий препаратлар рўйхати эса 118 тага қисқариб кетди.
Оқибатда рецептсиз ҳам берилиши мумкин бўлган дориларни харид қилиш учун бемор вақт йўқотиб, навбат кутиб шифокор қабулига киришга мажбур бўлмоқда.
Таъкидланишича, бундай оворагарчилик ва бюрократик тўсиқлар аҳолининг тиббиёт тизимига нисбатан ишончи камайишига, қолаверса, фармацевтика компанияларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

“Масалан, темпалгин, мукомилт, дексафлю, табекс каби қатор препаратларни чет эл дорихоналаридан ҳеч қандай чекловларсиз харид қилса бўлади. Бизда эса бунинг учун рецепт сўраляпти”, - дейилган хабарда.

Шу муаммоларга ечим топиш учун амалда бўлган Рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхатини бекор қилиб, уни янгилашга оид лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, рецептсиз бериладиган препаратлар рўйхати кенгайтирилмоқда. Бунда халқаро амалиёт ва хорижий тажрибаси чуқур ўрганилган.
Дори воситаларини рецептсиз сотганлик учун жазо кучайтирилди