ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Тошкентда ёшлар ўртасида 2025 йилги Параосиё ўйинлари ўтказилади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Таъкидланишича, 2025 йилги ёшлар ўртасида IV Параосиё ўйинларини қабул қилиш учун қитъанинг бир қатор етакчи давлатлари даъвогарлик қилган. Якунда Осиё Паралимпия қўмитаси Тошкент шаҳри номзодини қўллаб-қувватлаган.
Хабарда ёзилишича, шу пайтгача ҳеч қайси давлатда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари кетма-кет ўтказилмаган.
Ўтган йилнинг август ойида ёшлар ўртасидаги 2025 йилги Осиё ўйинлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши маълум бўлганди.
2025 йилда Тошкент шаҳри ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинларига мезбонлик қилиш орқали йирик комплекс мусобақаларни қабул қилиш борасида яна бир имтиҳондан ўтади, дея қўшимча қилинган қўмита хабарида.