ТОШКЕНТ, 15 ноя - Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан масжидлардан бирида намоз вақтида 2 та телефон ўғирлаган йигит қидирилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, воқеа 13 ноябрь куни тахминан соат 12.30 ларда содир бўлган. Сергели туманидаги масжидлардан бирида номаълум шахс намоз ўқиш учун келган фуқаро Р.Ж.нинг умумий қиймати 3.500.000 сўмга тенг бўлган 2 дона уяли телефон аппаратини ўғирлаб воқеа жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси ("Ўғирлик") аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш юзасидан тергов-тезкор тадбирлари давом этмоқда, дейилган хабарда.
Суратда акс этган киши ҳақида бирор маълумотга эга бўлганлар 102 рақамига хабар қилиши сўралган.