ТОШКЕНТ, 15 ноя – Sputnik. Андижонда 5 эркак томонидан зўрланганини айтган келинчакка нисбатан икки ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Бундан беш ярим ой аввал Андижон вилоятида 5 ойлик келинчак беш киши томонидан зўрлангани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалганди.
Бу иш Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ички ишлар вазири шахсан назоратга олгани ҳам маълум қилинганди.
29 май куни ИИВ ахборот хизмати суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги, 13-14 ҳафталик ҳомиладор экани ва ҳомиласи ривожланаётгани аниқланган.
Кейин терговда тўпланган инкор қилиб бўлмас далилларга асосан келинчак О.О.нинг зўрлангани тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмаганлиги маълум қилинган эди. Жиноий ишни тугатиш масаласи кўриб чиқилган.
2021 йилнинг 26 июнь куни келинчак О.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (Туҳмат) билан айблов эълон қилинган ва шахсий кафиллик эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Дарё” нашрининг Андижон вилоят суди маълумотига таяниб хабар беришича, 2021 йил 10 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Бўстон тумани суди судланувчи О.О.га нисбатан суд ишини кўриб чиққан.
Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи О.О. Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг "а" банди билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.