ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Қашқадарёда тадбиркор ва вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Маълум қилинишича, лойиҳа қиймати 4,1 миллиард сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва ҳар килоси 3,7 доллардан сотилади.
Шунингдек, 10 та янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда чигиртка унини экспортга чиқариш учун тадбиркор Музаффар Ҳамзаевнинг “Merry-Cricke” масъулияти чекланган жамияти ва Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар ўртасида шартнома имзоланган.
Қашқадарё вилояти инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлоновнинг сўзларига кўра, чигирткани далалардан йиғиб олиш учун аҳоли вакиллари жалб қилинади. Махсус тўр қопларда ҳашаротларни йиғиб топширгани учун уларга тегишли миқдорда ҳақ тўланади.
Бундан ташқари, чигиртка уни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида чигирткалар чатиштирилади ва қайта ишлаш учун махсус етиштирилади.
Бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Маълумот учун, Қашқадарё вилоятида чигирткани бартараф этиш йўлида ҳар йили 130 минг гектар майдонга кимёвий ишлов берилади ва сарф-харажатлар учун 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланади.