ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Қурилиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 10 минг фуқарони Россияга соддалаштирилган тартибда ишга жўнатиш бўйича пилот лойиҳаси доирасида ташкил этилган танловлардан ўтган дастлабки гуруҳ – 29 нафар ўзбекистонлик Тошкент – Москва йўналишидаги авиарейси орқали “ПИК-Индустрия” қурилиш компаниясида ишлаш учун жўнаб кетди, деб хабар қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Жорий йил сентябрь ойида Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари А.Пудов бошчилигида Қурилиш ва уй-жой хўжалиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Роструд, Москва ҳукумати ҳамда йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делагациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Қурилиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўн минг нафар фуқарони Россия Федерациясига ташкилий тарзда ишга жўнатиш бўйича пилот лойиҳаси” имзоланган эди.
Пилот лойиҳаси доирасида ишга юборилаётган фуқароларга Россияда ишлаш рухсатномаси, яъни патентни расмийлаштиришда талаб этиладиган ҳужжатлар, тиббий кўрик, бармоқ изларини олиш Россия иш берувчилари маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонда амалга оширилмоқда.