ТОШКЕНТ, 11 ноя – Sputnik. 2021 йил 11 ноябрдан қатор ҳудудларда уйма-уй юриб, синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари бошланди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Рўйхатга олиш Хўжаобод тумани (Андижон), Юқори Чирчиқ тумани (Тошкет в.), Хива шаҳри (Хоразм) ва Яшнобод туманида (Тошкент ш.) ўтказилмоқда.
Мазкур 4 та ҳудуднинг онлайн рўйхатдан ўтмаган аҳолиси 11-25 ноябрь кунлари рўйхатга олувчилар томонидан уйма-уй юриб, қоғоз ва планшет орқали саволномалар тўлдириб борилади.
Таъкидланишича, бу синов жараёнлари республикада 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олишнинг асосий тадбирига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1–5 ноябрь кунлари синов тариқасида аҳолини онлайн рўйхатга олиш ўтказилганди. Онлайн тадбирда "Census.stat.uz" ҳаволаси орқали Ўзбекистондаги ва хориждаги барча фуқаролар ихтиёрий қатнашиши мумкин эди.
2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон доимий аҳолиси сони 35 миллион 79 минг 200 кишини ташкил этмоқда.